«Корзинка»га нисбатан иш қўзғатилди

Сақлаш
16:31 / 15.07.2024 239 0

«Anglesey Food» МЧЖ(«Корзинка» номли супермаркетлар тармоғи)га нисбатан иш қўзғатилди.

 

Хабарга кўра, «Корзинка» томонидан «Кундалик харидларга энг арзон нарх», «Энг арзон нарх — Корзинкада», «…Энг унумлисига келинг!» каби турли хил усулларда тарқатилаётган рекламаларда фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилган.

 

«Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида, акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлди», дейилади Рақобат қўмитаси хабарида.

 

Бундан ташқари, ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилгани ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани Қўмита томонидан аниқланган.

 

Яъни, «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги ойдинлашган.

 

«Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин», дейилади Қўмита изоҳида.

 

Юқоридаги сабабларни инобатга олган ҳолда, якунда «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси биринчи қисми ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан «Anglesey Food» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//