«Мамлакатимиз йўллари отасининг эркатойлари истаган тезликда ҳаракатланадиган ҳудуд эмас» – «Адолат» СДП раиси

Сақлаш
14:43 / 15.07.2024 218 0

Куни кеча «Адолат» СДП раиси Робахон Маҳмудова эркатой ҳайдовчиларни тийиб қўйиш вақти келганлигини таъкидлаб, партия расмий каналида ўз муносабатини билдирди.

 

Партия раиси «АҚШда тўппонча ўқидан ҳалок бўлишингиз эҳтимоли Ўзбекистондаги автомобиль йўлларида авария оқибатида ҳалок бўлиш эҳтимолидан анча паст экан»лиги ҳақидаги «зил» гапларни эшитиб қолганлигини айтар экан, бунга статистик маълумотларни келтиради:

 

«…2023 йилда содир этилган 9 минг 839 та ЙТҲ оқибатида 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар киши ҳалок бўлган. Болалар билан боғлиқ 1 минг 794 та ЙТҲ туфайли 1 минг 568 нафар ўғил-қиз жароҳатланган, 263 нафар бола эса ҳаётдан кўз юмган. Жорий йилнинг беш ойида вояга етмаганлар билан боғлиқ 359 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар бола нобуд бўлган, 294 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган».

 

Робахон Маҳмудова ҳайп учун йўл ҳаракат қоидаларига амал қилмай, ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилаётганларга эътибор қаратар экан, Ангрендаги ҳолатни мисол қилиб келтиради.

 

«Бу каби ҳолатларнинг кескин ошаётгани йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кескин кучайтириш зарур эканлигини кўрсатмоқда. Қачонгача пиёдалар ўлимига сабабчи бўлаётган эркатой ҳайдовчиларга бефарқ бўламиз? Уларни тартибга чақириш учун фақатгина жарима миқдорини ошириш билан кифояланиш кутилган натижани бермаяпти. Енгил-елпи бойлик орттириб жамиятга, қолаверса, амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатаётган айрим ҳайдовчиларни тарбиялашнинг янги механизмларини жорий этиш лозим, назаримизда», дейди «Адолат» СДП раиси.

 

Шунингдек, партия аъзолари мазкур масалда ечим сифатида қуйидагиларни таклиф қилган:

▪️ тезликни оширганликда муайян муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқини чеклаш ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан умрбод маҳрум этиш;

▪️ тезликни ошириш, спиртли ичимлик истеъмол қилиб инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга жиноий жазо чораларини кучайтириш.

 

«… мамлакатимиз йўллари пиёдаларнинг юрак ҳовучлаб юрадиган ва отасининг эркатойлари истаган тезликда ҳаракатланадиган ҳудуд эмас. Шуни инобатга олиб, «автомобилдаги қотиллар» кўпаймаслигини таъминлаш учун қонунчиликда юқоридаги каби жиддий ўзгаришлар қилиш керак ва шарт. Акс ҳолда йўлларда юз бераётган фожиаларнинг олдини олиш имконсиз бўлиб қолаверади», дейилади муносабатда.

 

«Миллий тикланиш»партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам бу масалга тўхталар экан, бунда «Адолат» партияси илгари сураётган таклифларга қўшилмайди.

 

У «депутат муаммоларга ечимни сайловчилари билан бирга излайди», дейди.

 

«Адолат» партияси раиси, депутат эмас, шу сабабли кўпчилик депутатлар, айниқса, «Миллий тикланиш» фракцияси аъзолари ҳамма айбни ҳайдовчилардан излаш ва ҳамма жазони ҳайдовчиларга юклашдан қочаётганимизни билмаслиги мумкин.

 

Ҳаммамиз излаётган тинчлик ва тўкинлик «ҳаракат-вақт-самара» формуласида ишлашидан келиб чиқилса, транспорт-йўл инфратузилмаси ва соҳадаги хизмат сифати тартибни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қабул қилиниши лозим», дея фикр билдиради Қодиров.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//