Фарғона вилоятида қандай объектлар фаолиятига старт берилди?

Сақлаш
21:56 / 11.07.2024 250 0

Хабарингиз бор, бугун, 11 июнь куни Президент Фарғона вилоятига борди.

 

Ташриф доирасида бир қатор янги йирик лойиҳаларга старт бериш режалаштирилган эди.

 

Президент Фарғона вилоятида дастлаб янгидан очилиб, илк бор йирик ҳаво кемасини қабул қилган Қўқон аэропортидаги шароитлар билан танишди.

 

 

Шавкат Мирзиёев ушбу аэропорт халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлаб, бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган.

 

Ҳозирда вилоятда 6 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 110 та ва яна 1,1 миллиард долларлик 22 та маҳаллий лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ иш ўрни бўлади.

 

Таъкидланишича, «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳри бўйлаб 210 гектарга кенгайтирилади. Унда қиймати 1 миллиард долларлик 185 та лойиҳа жойлаштирилиб, 12 мингта иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида 230 гектар майдонда «Ўзбекистон – Хитой» махсус саноат зонаси ташкил этилади.

 

Яна бир муваффақиятли лойиҳалардан бири – бу, Сингапурнинг «Индорама» компанияси билан ҳамкорликдаги минерал ўғитлар заводи. Энди унинг юқори самарадор комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича 2-босқичи ишга туширилмоқда ҳамда 3-босқичи бошланмоқда. Буларнинг натижасида йилига 300 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 50 миллион долларлик экспорт таъминланади.

 

 

Шунингдек, яна тўртта лойиҳа энергетика соҳасига тегишлидир. Улар – Бешариқ туманида қуёш электр станцияси, Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими, Фарғона туманида кичик гидроэлектр станциялари.

 

Фарғонанинг Бешариқ туманида ҳам Германиянинг «Hyper Partners» компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 миллиард 600 миллион киловатт соат ёки 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Натижада, 466 миллион метр куб табиий газ тежалади.

 

Ўзбекистон туманида эса 144 миллион доллар хорижий инвестиция ҳисобига 150 мегаваттли илк электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади. Хитойнинг «Gezhouba Group» компанияси билан ҳамкорликдаги ушбу мажмуа шу йил якунига қадар ишга туширилади. У электр энергиясига талаб ортган вақтда автоматик ишга тушиб, энергетика тизими барқарорлигини таъминлайди.

 

«Ушбу замонавий станциялар энергетика хавфсизлигини таъминлашга, иқтисодий самарадорликни оширишга, экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади», дейилади хабарда.

 

Маълумотга кўра, мамлакатимизда 56 мегаватт қувватли 200 та кичик ва микро ГEСлар қуриш имконияти аниқланган бўлиб, бу борада алоҳида дастур қабул қилинган.

 

Мазкур дастур доирасида Фарғона туманининг чека ҳудудларида ҳам 2 та кичик ГEС барпо этилган бўлиб, шундан биринчиси, Шоҳимардон қишлоғида қурилган 2,2 мегаваттли, иккинчиси, Юқори Водил қишлоғидаги 430 киловаттли станциялардир. Улар яқин маҳаллалардаги аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди.

 

Президент маросимда рамзий тугмани босиб, битган корхоналар фаолиятини ва янги лойиҳалар қурилишини бошлаб берган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//