Ҳар бир эҳтиёжманд оила учун «ижтимоий-рақамли паспорт» жорий этилади

Сақлаш
22:30 / 10.07.2024 270 0

Президент 10 июль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

 

Маълум бўлишича, энди ногиронликни белгилаш билан бир вақтда унинг реабилитация дастури ҳамда протезга муҳтожлиги бўйича маълумотлар шакллантирилади.

 

Шунингдек, энди эксперт комиссиялари томонидан касбга, таълимга, спортга тавсия бериш, меҳнатга лаёқатсизликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, бундай шахслар иш, спорт ва таълимга индивидуал ёндашув асосида йўналтирилади.

 

Шаҳар жамоат транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бепул хизмат кўрсатилади.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларни маданий тадбирлар, кўнгилочар томоша ва маросимларга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилади.

 

Тақдимотдаги яна бир таклиф Жаҳон банки иштирокидаги «Инсон» лойиҳаси ҳақида бўлиб, у аҳолининг заиф қатламларини жамиятга интеграция қилишга қаратилган. Лойиҳа доирасида 55 та кўп функцияли ҳудудий хизматлар маркази ташкил этилади ва 20 турдаги ижтимоий хизмат йўлга қўйилади. Тошкент, Фарғона ва Самарқандда 4 та намунали инклюзив касб-ҳунар таълими марказлари ташкил этилади.

 

Беш минг нафар ходимнинг ижтимоий иш бўйича малакаси оширилади.

 

Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги яна бир янгилик «ижтимоий карта» тизимининг жорий этилишидир. Бу орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади.

 

«Ижтимоий карта» бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам эҳтиёжманд тоифага мансублик тасдиғи ҳисобланади.

 

Бу тартиб дастлаб Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида, кейинги йилдан бошқа ҳудудларда жорий этилади.

 

Шу билан 72 турдаги ижтимоий хизматлар, 76 турдаги ёрдамлар ва 200 га яқин имтиёзлар ягона электрон тизимга умумлаштирилади.

 

Қоғоз шаклидаги ҳужжатлар бекор қилиниб, вақт ва маблағ тежалади.

 

Ижтимоий соҳа тўлиқ рақамлаштирилиши натижасида ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари ва имкониятларини акс эттирадиган «ижтимоий-рақамли паспорт» жорий этилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//