«Ипотека банк»ка нисбатан иш қўзғатилди

Сақлаш
15:43 / 10.07.2024 345 0

Рақобат қўмитаси «Ипотека банк»ни ижтимоий тармоқда омонат маҳсулотини нотўғри реклама қилганликда айблади.

 

Маълум бўлишича, банк Инстаграмъда йиллик фоиз ставкаси 26 фоиз бўлган «Супер» номли омонат тури ҳақида реклама тарқатган.

 

Қўмита мазкур реклама материалида омонатнинг муҳим шартлари очиб берилмаганидан шикоят қилган.

 

Яъни, Ушбу омонат тури шартларига мувофиқ, мижозлардан касса орқали депозитга қабул қилинган нақд пул маблағлари бўйича дастлабки 3 ой учун 26 фоиздан ва кейинги уч ой учун 14 фоиздан ҳисобланиши, худди шунингдек, онлайн қабул қилинган депозит пул маблағлари бўйича эса мос равишда 26,09 ва 14 фоиздан ҳисобланиши аниқланган.

 

Хабарга кўра, банк булар ҳақида маълум қилмаган.

 

«Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин», дейилади қўмита хабарида.

 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, якунда «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-, 43-моддалари ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан «Ипотека банк»га нисбатан иш қўзғатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//