Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кучайтирилиши мумкин

Сақлаш
23:23 / 09.07.2024 325 0

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди.

 

Маълум бўлишича, маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмлари мавжуд эмаслигини сабабли содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб жарима солинмоқда.

 

Бунда ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетган.

 

Жумладан, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.

 

Таққослаш учун, Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусьда – 138 минг сўмни ташкил қилади.

 

Агентлик фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланишини таъкидлайди.

 

«Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур (хусусан, пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш – 170 минг сўм, пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши – 113 минг сўм)«, дейилади хабарда.

 

Хориж билан таққослаганда, Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда – 1,6 млн сўм, Францияда – 1,85 млн сўм, БААда – 1,7 млн сўмни ташкил этади.

 

Агентлик хабарида ёзилишича, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (23-модда) мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун 7 турдаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин. Бироқ маъмурий жазо тури сифатида «огоҳлантириш» қўлланилмайди.

 

«Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (Беларусь, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институти жорий қилинган. «Огоҳлантириш» жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади», дея хориж тажрибасини мисол қилиб келтиради Агентлик.

 

Таъкидланишича, юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

 

▪️ жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш;

 

▪️ фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш;

 

▪️ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш;

 

▪️ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институтини киритиш.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//