«Алифбо бирлигини тезроқ таъминлашимиз керак». Туркия ташқи ишлар вазири туркий давлатларни умумий алифбони қабул қилишга чақирди

Сақлаш
21:48 / 08.07.2024 237 0

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан туркий давлатларни умумий алифбони қабул қилишга чақирди.

 

«Глобал кучлар рақобати географиямизга кириб келишига йўл қўймаслик учун сафларимизни кучайтириб, умумий фаровонлик йўлида имкониятларимизни ишга солишимиз керак», деган у 6 июль куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитида.

 

Маълумот учун, мазкур ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари киради.

 

Ҳоқон Фидан Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон лотин алифбосидан фойдаланиши, Қозоғистон ва Қирғизистон кирилл ёзувидан фойдаланишини эслатиб ўтар экан туркий давлатлар битта алифбони қабул қилиши лозимлигини таъкидлайди:

 

«Биз имкон қадар тезроқ алифбо бирлигини ўрнатишимиз керак».

 

Турки ташқи ишлар вазири бу борадаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида янада мустаҳкам институционал асос яратишга чақирган.

 

«Биз алоқа, энергетика, молия, савдо, мудофаа саноати ва янги технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун зарурий келишув тузилмаларини яратишимиз керак», дея қўшимча қилган у.

 

Фидан, шунингдек, турк маданияти ва ўзлик ташаббусларини глобал миқёсда қўллаб-қувватлаш зарурлигини ҳам урғулаган:

 

«Турк маданияти ва ўзлик байроғини чегараларимиздан ташқарида ҳилпиратган биродарларимизни, Болқон, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Ўрта Шарқда ва дунёнинг турли бурчакларида яшовчи ватандошларимизнинг ўзлигини ҳимоя қилишни ташкилотимиз кун тартибига қўйишимиз керак».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//