Хатирчида содир бўлган ЙТҲ юзасидан батафсил маълумот берилди

Сақлаш
20:46 / 08.07.2024 208 0

Хатирчи туманида вояга етмаган бола иштирокида содир бўлган ЙТҲ юзасидан батафсил тафсилотлар берилди.

 

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 1 июлида, соат тахминан 18:50ларда бўлиб ўтган.

 

Ўша куни Н.А. ўзининг бошқарувида бўлган «БЙД СОНГ» русумли автомобили билан Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи йўлдан ҳаракатланиб бораётганида ўзи билан бир йўналишда кетаётган (ўзига олдиндан таниш бўлмаган) фуқаро Ф.А. бошқарувидаги «БЙД СОНГ» русумли автомобиль билан рақобатлашиб қолади.

 

Ҳайдовчилар ҳаракатланиш давомида бир-бирини қувиб ўтишга уриниб, ўзаро қувишиб, ушбу йўлнинг Хатирчи туман тиббиёт техникуми ёнидан ўтган қисмида, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлнинг ўнг томонидан чап томонига ўтаётган, 2016 йилда туғилган Ш.Ш.ни (қиз бола) уриб юборади.

 

Бунда қизчани дастлаб Н.А. бошқарувидаги автомобиль туртиб ўтган. Кейин уни Ф.А. ўзи бошқарувидаги автомобиль билан уриб-босиб ўтиб кетган.

 

Вояга етмаган Ш.Ш. мазкур йўл-транспорт ҳодисасидан олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида фуқаролар – Н.А. ва Ф.А.га нисбатан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Жиноят иши юзасидан 4 июль куни ҳайдовчиларга нисбатан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, шу куни Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва 5 июль куни уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Қаровсиз қолган қизча

ЙТҲ натижасида вафот этган вояга етмаган Ш.Ш. 2016 йилда Хатирчи туманида туғилган. У тумандаги 14-сонли мактабнинг 2-синф ўқувчиси бўлиб, онаси М.Ш. уни «Янгирабод» МФЙда яшовчи бобосиникига бир кун олдин олиб келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган.

 

Бобо-буви қизалоққа уларнинг 2010 йилда туғилган ўғли (тумандаги 14-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Т.) билан биргаликда истироҳат боғига сайр қилишга бориб келишига рухсат берган.

 

ЙТҲдан олдин қизчанинг қариндоши Н.Т. биринчи бўлиб пиёдалар ўтиш жойидан ўтган ва бироз ортда қолган, йўлдан ҳали ўтишга улгурмаган қизалоқни чақирган.

 

Қизалоқ транспорт воситаларининг ҳаракатига эътибор бермасдан, пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан ва кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.

 

Мутасаддининг эътиборсизлиги

Хатирчи тумани «Янгирабод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р48 «Зарафшон тракти» давлат аҳамиятига эга йўл бўлиб, ушбу йўлнинг 127-километрида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида тегишли йўл белгилари ўрнатилган ва йўл ётиқ чизиқлари чизилган.

 

Йўл қопламаси ўша вақтда қуруқ ҳолатда, куннинг ёруғ вақти бўлган.

 

Шундай бўлсада, ушбу пиёдалар ўтиш жойида Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмасини ўрнатилиши лозим эди.

 

Бунда светофорни ўрнатиш дастурга биноан 2024 йил 1-чорак якунига қадар амалга оширилиши керак бўлган. Аммо маблағ ажратилмаганлиги сабабли ҳозирги кунга қадар ўрнатилмаган.

 

Ажабланарлиси эса, Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан жорий йилда 2 маротаба тугмали светофор ўрнатиш юзасидан тақдимномалар киритилган.

 

Якунда тақдимнома талаблари бажарилмаганлиги учун Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига МжтКнинг 196-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//