Эътиборсиз ҳайдовчи автомобиль ортида ухлаб ётган шеригини босиб кетди

Сақлаш
17:51 / 02.07.2024 199 0

Ҳайдовчининг эътиборсизлиги сабаб автомобиль ортида ухлаб ётган шериги вафот этди.

 

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 7 январида Жиззах вилояти Зомин туманидаги «Пешағор» маҳалласидаги қишлоқлардан бирида юз берган.

 

Ўша куни ҳайдовчилик билан шуғулланиб келган судланувчи ўзига тегишли Нехиа русумли автомобилда қарз ундириш ташвишида юрган танишини манзилига элитмоқчи бўлади. Бу орада автоуловга уларнинг яна бир ҳамқишлоғи ўтиради.

 

Шундан сўнг улар зиёфат қилмоқчи бўлади. Бунда зиёфат ҳудуди этиб «Ағрабод» қишлоғи ҳудудида жойлашган дала майдони танланади.

 

Ўтириш давомида учала шерик спиртли ичим истеъмол қилади.

 

Орадан озроқ вақт ўтиб ҳайдовчи автомобиль салонига киради ва ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтиради. Шу пайт кимдир унга қўнғироқ қилади ва бундан жаҳли чиққан ҳайдовчи автоуловни орқага ҳайдаб юборади.

 

Бу орада автомобиль орқасида ётган шерикларидан бирининг боши оғир жароҳат олади.

 

Ҳайдовчи бундан шокка тушади ва жароҳатланган фуқарога ёрдам бермасдан, воқеа жойидан қочиб кетишга қарор қилади.

 

Шу мақсад билан у иккинчи шеригига «жабрланган фуқаронинг ёнида қолиши кераклигини, ҳушига келса, унинг ўзи уйига етиб олишини» айтади.

 

Ҳайдовчи воқеа жойидан кетади аммо орадан бир оз вақт ўтиб у яна иккинчи шеригига қўнғироқ қилади ва «жабрланувчи ҳақида кимдир сўраса, уни бекатда қолдиришган»ини айтишни сўраб, уни кўндиради.

 

Аммо жиноят бари бир фош бўлади.

 

Суд ишига кўра, судланувчи ўзининг эътиборсизлиги оқибатида бир инсон ҳаётига зомин бўлганини, унга тиббий ёрдам кўрсатмаганини, қилмишини яширишга уринганини тан олган ва кечирим сўраган.

 

Ҳукмга биноан, ҳайдовчи ЖКнинг тегишли моддаларига асосан, 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва унга 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//