3 та туманда ҳоким ўринбосарлари қўлга олинди

Сақлаш
15:18 / 02.07.2024 228 0

Тахиатош, Бўстон ва Бўка туманлари ҳокимлари ўринбосарлари пора билан ушланди.

 

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ўзининг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ҳокимлик балансида бўлган ва режали бузилишга тушган уйни бузиш ҳамда жараён давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни шу ҳудудда яшовчи фуқарога расмийлаштириб бериш эвазига 35 млн сўм талаб қилган.

 

Якунда ҳоким ўринбосари ўзининг хизмат хонасида сўралган пул маблағидан 32 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Андижон вилояти Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳам ўзининг номида бўлган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик тасарруфидаги 10 гектар ер майдонини экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартириб, шунингдек, бу ҳақида туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 20 минг АҚСҳ доллари талаб қилган.

 

Ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

 

Терговга қадар текширув давомида маълум бўлишича, кенгаш раиси аванс сифатида олган пул маблағини Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилган ва мансабдор шахс ҳам 10 минг АҚСҳ долларини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.

 

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи эса 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун «Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида далолатнома»ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.

 

Ўтказилган тезкор тадбир давомида унинг топшириғига кўра талаб қилинган пул маблағини олган вақтида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Аниқлик киритилишича, Бўка тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 1200 АҚШ долларини Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникация, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига бериши керак бўлган.

 

Якунда тезкор тадбир давом эттирилган ва мансабдор шахс ушбу пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.

 

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//