Жамият
Йўл транспорт ҳодисаларининг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилган. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида бу ҳақида маълум қилинди.
Таъкидланишича, содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, йиғилишда мактабларнинг 9 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмаслиги, тегишли светофорлар ўрнатилмаганлиги танқид қилинган.
Жумладан, бундай лоқайдликлар сабаб жорий йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Шундан 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган.
Хабарга кўра, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.
Содир этилган 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Жорий йилнинг 5 ойида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган. Бунда энг юқори кўрсатгич Тошкент шаҳрида (12,8 тага), Тошкент вилоятида (12,2 тага), Наманган вилоятида (9,1 тага) ва Фарғона вилоятига (8,4 тага) тўғри келади.
Статистикага кўра, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Маълумот ўрнида, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикадаги жами 209,3 минг км автомобиль йўлларининг 56,1 минг км қисми ёки 27 фоизи таъмирталаб ҳолатда эканлигини очиқланган.
Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш, йўллар носозлиги оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида эса 2023 йилнинг ўзида республика бўйича қарийб 8 мингта объектда умумий қиймати 13,5 трлн сўмлик қурилиш ишлари олиб борилган.
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ