Энди ишловчи пенционерлар ойлик ёки пенсиядан фақат биттасини оладими?

Сақлаш
17:04 / 21.06.2024 192 0

Ишловчи пенционерлар ойлик ёки пенсиядан фақат биттасини олиши тўғрисидаги хабарларнинг ҳаммаси асоссиз гаплардир. Бу бўйича ҳеч қандай қонун лойиҳаси ҳам тасдиқланган эмас. Ишловчи пенционерлар пенсияни ҳам, ойликни ҳам 100 фоиз олади.

 

Олдинги тартибда айрим ишловчи нафақадаги шахсларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоизи тўланар эди. Бироқ бу тартиб 2019 йилда ўзгартирилган бўлиб, ўз кучини йўқотган. Шундан сўнг ишловчи пенционерларнинг ҳаммаси ойлик маошини ҳам, пенсия пулини ҳам 100 фоизи олиши мумкин бўлди.

 

Таъкидланишича, кўпчилик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг «Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳасига чалғимоқда.

 

Мазкур қарор лойиҳаси шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш тартибига тааллуқли бўлиб, давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашга алоқаси йўқ.

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қариганда, меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат пенсияларининг ягона тизимини, уларни тайинлаш, ҳисоблаб чиқариш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

 

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг мақсади эса фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 42-моддасида ҳам ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

 

46-моддада эса ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги таъкидланган.

 

Бундан келиб чиқадики, пенционерларнинг ҳар иккала суммани ҳам 100 фоиздан олиши асосли ва қонунан тасдиқлангандир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//