Ўзбекистонда қонуний тарзда ноткоин билан савдо қилишнинг имкони йўқ

Сақлаш
17:14 / 20.06.2024 185 0

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги(ИЛМА) ўзбекистонликлар ноткоин билан қандай қилиб қонуний савдо қилиши мумкинлиги бўйича маълумот берди.

 

Маълум бўлишича, айни вақтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган лицензияси бор криптобиржаларнинг биронтасида ноткоин сотиб ололмайди. Чунки уларнинг савдо саватида мазкур криптовалюта мавжуд эмас. Бу эса мамлакатда ноткоин билан қонуний савдо қилиш ҳозирча имконсизлигини англатади.

 

«Ноткоин билан савдо қилишнинг қонуний усулига келсак, бизда хизмат провайдерларига ўрнатилган тартибда таклиф билан чиқиш ҳуқуқимиз бор, лекин улар ҳам тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади, биздан лицензия олишгани билан уларга „мана бу криптоактивни биржангга чиқар« дейишга ҳақимиз йўқ. Бу нарсани тадбиркорлик субъектларининг ўзи бозорни ўрганиш асосида амалга ошириши керак», — деган ИЛМА расмий ходими.

 

Мутахассис, шунингдек, ташкилот ҳозирда фуқароларнинг янги чиққан, оммалашаётган криптоактивлар билан ҳам савдо қилиш имконига эга бўлиши устида ишланаётганини маълум қилган.

 

«Биз ҳам ҳозир бозорда юз бераётган жараёнларни кўриб, билиб турибмиз. Шундан келиб чиқиб, хизмат провайдерларига ўз савдо саватларига янги чиққан, оммалашаётган криптоактивларни ҳам қўшиш бўйича таклиф берганмиз. Фуқароларимизга бу криптоактивлар бўйича ҳам қонуний савдо қила олиш имкониятини яратиш ниятимиз бор. Бу бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Лекин жараён қанча вақт олиши бўйича ҳеч нарса дея олмаймиз», — деган у вазиятни изоҳлаш жараёнида.

 

Маълумот учун, Ўзбекистонда фуқаролар 2023 йил 1 январдан бошлаб фақат лицензияга эга бўлган миллий хизмат провайдерлари орқали криптоактив олди-сотдисини амалга ошириши мумкин. Қоидалар нафақат ноткоинга, балки барча криптоактивларга тегишлидир. Мазкур қонунчилик криптоактивлар ноқонуний айланмасининг олдини олишга қаратилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//