Профилактика инспектори ақли норасо кексанинг уйини тортиб олгани маълум бўлди

Сақлаш
21:07 / 19.06.2024 186 0

Нукус шаҳар ИИО ФМБ профилактика инспектори А.М. ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кекса ёшдаги О.Й.нинг яқин қариндошлари йўқлиги ва ақли норасолигидан фойдаланиб, унинг мулкларини қўлга киритиш мақсадида, гўёки Й.О. жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларини бузиб юрганлиги тўғрисида 1-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарига билдиришнома ёзиб, мажбуран шифохонага жойлаштирган ва жабрдийдани уйидан чиқариб юборган. Бу ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабар берди.

 

Маълум бўлишича, инспектор кекса фуқаро О.Й.га қарашли турар жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни сохталаштириб, кадастр идораси ходими Ч.С. кўмагида қалбаки кадастр ҳужжатларини тайёрлаган ва турар жойни ўзининг номига расмийлаштиришган.

 

А.М. қилган жиноятларини яшириш мақсадида, турар жойни турмуш ўртоғи О.Д.га ҳадя шартномаси орқали қайта расмийлаштирган ҳамда жабрланувчи Й.О.нинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган.

 

Жумладан, у жабрланувчи Й.О.нинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган банк пластик картасидаги пул маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

 

Бундан ташқари, у О.Й.нинг банкдаги омонат ҳисоб-рақамида сақланаётган жуда кўп миқдордаги пулларини ҳам ўзлаштирган. Инспектор бунда банк ходимларини гўёки омонатни эгасига бериш учун олаётганлигига ишонтирган.

 

Мазкур пулларга эса ходим опасининг номига «Лаcэтти» русумли автомашина харид қилиб олган.

 

Жиноий иши ошкор бўлган А.М. устидан тергов ҳаракатлари бошланган.

 

Унга Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари, 228-моддаси 3-қисми, 169-моддаси 4-қисми «а» банди, 243-моддалари ҳамда кадастр идораси ходими Ч.С.га ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми «а» банди, 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айб эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

 

Аммо Нукус шаҳар суди судьясининг жорий йил 7 июндаги ҳукмига асосан, тергов органи томонидан А.М.га ЖКнинг 169, 228, 243-моддалари билан қўйилган айбловлар асоссиз равишда олиб ташланган. Инспектор бунинг ўрнига ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли деб топиб, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳамда унга 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.

 

Шунингдек, профилактика инспекторининг ҳамтовоғи, кадастр идораси ходими Ч.С. нинг айбловидан ҳам ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми «а» банди олиб ташланиб, у ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбли деб топилган.

 

Бундан ташқари, суд ҳукми билан терговда жабрланувчи О.Й.нинг сохта ҳужжатлар асосида бегоналаштирилган турар жойи талон-торож этилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган 180 млн 50,7 минг сўм пул маблағи ҳам профилактика инспекторига, яъни судланувчига қайтариб берилган.

 

Якунда барча кирдикорлар ошкор бўлгач прокуратура органлари томонидан апелляция муддатида иш ҳужжатлари ўрганилиб, мазкур суд ҳукми рўйи-рост асоссиз, адолатсиз ва ноқонуний деб топилган ва суд қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилди.

 

«Иш апелляция инстанцияда кўрилишида, малакали прокурор иштироки таъминланади», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//