Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маоши кўтарилиши мумкин

Сақлаш
20:09 / 19.06.2024 190 0

Бугун, 19 март куни Президент мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

 

Маълум бўлишича, тақдимотда мактабларда билимли ва изланувчан педагоглар кўпайишини доимий рағбатлантириш зарурлиги таъкидланган.

 

Хусусан, 2025 йилнинг сентябридан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифи билдирилган.

 

 

Бундан ташқари, аттестациядан ўтолмаган, тажрибаси етарли бўлмаган ўқитувчилар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган.

 

Шу мақсад билан Президент мактаби тажрибаси асосида, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида боғча ва мактабларнинг раҳбар ҳамда педагогларини ҳар 5 йилда малакасини ошириш тизими йўлга қўйиладиган бўлди. Бунда малака ошириш марказлари ҳамда педагогика коллежлари имкониятларидан тўла фойдаланилади.

 

Жумладан, энди ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежи Малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказилади ва хориждан тренерлар жалб этилади.

 

Шунингдек, кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари негизида боғча ва мактаблар, техникумлар, «Баркамол авлод» мактаби ташкил қилинади.

 

Баҳолаш тизими ҳам янада оммалаштирилади. Яъни, янги ўқув йилидан яна 1 мингта мактабда баҳолаш тизими қўллана бошлайди. Уларга 182 та ихтисослашган ҳамда 500 та тажрибадан ўтган мактаб бириктирилади.

 

270 та мактаб интерактив доска, 365 таси компьютер синфлари билан жиҳозланади.

 

Тақдимотда Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш таклифи ҳам муҳокама қилинган. Янгиланган институтга «маҳалла – ота-она – мактаб» ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналар ва болалар учун тарбияга оид адабиётлар яратиш, жадидларнинг тарбиявий қарашларини илмий тадқиқ этиш каби вазифалар қўйилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//