«Ҳаммаси тегишли жазосини олишини хоҳлайман» – Калтакланган боланинг онаси унга пул таклиф қилинганини айтди

Сақлаш
11:06 / 14.06.2024 160 0

Ижтимоий тармоқларда бир аёл фарзандининг оғир аҳволда ётгани, жанжал туфайли шу ҳолатда келганини айтиб, Ўзбекистон халқига, мутасадди раҳбарларга қилган мурожаати тасвирланган видео тарқалди.

 

Маълум бўлишича, ёшлар ўртасидаги жанжал Наманган вилояти Поп тумани «Чоркесар» маҳалласидаги бильярд клубида содир бўлган.

 

Ўша куни икки гуруҳ ёшлар ўзаро жанжаллашиб, муштлашиб кетишади. натижада йигитлардан уч нафари турли хил даражадаги жароҳатланади.

 

Жумладан, улардан бири М.Т. (ҳозирда касалхонада ётган бемор) ҳодиса натижасида оғир тан жароҳати олган.

 

Аёлнинг маълум қилишича, шифокорлар болага «мия чаноғи синиши ҳамда икки томонлама қон қуйилиш» ташхисини қўйган. Йигит зудлик билан операция қилинган.

 

Аниқлик киритилишича, аёл йигитнинг иккинчи онаси бўлиб, икки ярим ёшидан катта қилган.

 

«Боламни шу ҳолатга келтирган фуқаролар жазоланмасдан, ҳозир ташқарида юришибди. Беш нафар шахслар уриб, орқа томондан бильярд таёқчаси билан ҳамда ичимлик шишаси билан бошига 5-6 маротаба уришган… Билишимча, 5 та боладан биттасига айбни юклашиб, қолганлари озод бўлиб кетди», дея маълум қилган аёл.

 

Аёл шунингдек ўғлининг аҳволини кўрган эри инфаркт бўлиб қолганини ҳам айтган.

 

«Иккита ногирон одам ҳозир реанимация бўлимининг иккита хонасида турибди. Менга келиб пул таклиф қилишди. Ёрдам берамиз дейишди. Менга уларнинг ёрдами керак эмас. Ҳаммаси тегишли жазосини олиши хоҳлайман», деган у.

 

Поп туман ҳокимлигининг 13 июнь куни берган хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 11 июлда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «э, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Шунингдек, айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан гумонланиб, кўрилаётган ишда иштирок этишга жалб қилинган ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланган.

 

«Ҳозирда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят иши Наманган вилояти ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//