Марказий банк асосий ставкани яна ўзгартирмади

Сақлаш
19:33 / 13.06.2024 202 0

Марказий банк пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий фазада сақлаб қолиш ва асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундан кўзланган мақсад энергия тарифлари ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсирини жиловлашдир.

 

«Иқтисодиётда юқори ялпи талаб ва иккиламчи таъсирлар томонидан инфляцион хатарларнинг мавжудлиги шароитида инфляцияни прогноз горизонтида 5 фоизлик таргет кўрсаткичигача пасайтириш мақсадида Марказий банк келгусида ҳам ижобий реал фоиз ставкаларини етарли даражада сақлаб қолиш чораларини кўради», дейилади Марказий банк пресс-релизида.

 

Маълум бўлишича, май ойида умумий инфляция уй хўжаликлари учун энергия ресурслари нархлари оширилиши ҳисобига тезлашиб, йиллик 10,6 фоизни ташкил этган.

 

Энергия нархлари таъсирисиз эса инфляция даражаси озиқ-овқат товарлари инфляциясининг сезиларли мавсумий пасайиши ҳисобига 6,8 фоиз доирасида шаклланган.

 

Апрель ойидаги энергия тарифлари ўзгариши борасидаги муҳокамалар ҳамда айрим солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ошиб, мос равишда 14,0 ва 13,3 фоизга тенг бўлган. Май ойида аҳоли кутилмалари 14,0 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолган бўлса, тадбиркорларнинг кутилмалари 12,7 фоизгача пасайган.

 

Эндиликда тарифлар ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсири дастлаб прогноз қилинганидан кўра пастроқ шаклланмоқда.

 

«Бу, ўз навбатида, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва йил якунида инфляция даражасининг асосий сценарий прогнозлари доирасида бўлишига хизмат қилади», дейилади маълумотда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//