Ёшлар ишлари агентлигининг ваколатлари кенгайтирилади

Сақлаш
22:40 / 15.12.2021 930 0

Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ушбу қонун билан «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги ҳамда «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

 

Шунингдек, қонун билан Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилиши белгиланди. Жумладан, Махсус ваколатли давлат органи сифатида Ёшлар ишлари агентлигига ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этиш, ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф қилиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатлари берилмоқда.

 

Махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ҳамда ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурларнинг ижроси тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш талаби билан сўровлар юборишга ҳақли эканлиги белгиланади.

 

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари махсус ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилиши қонунан мустаҳкамланмоқда.Қонун билан Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоялаш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

 

Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//