Ота-оналарнинг қарийб 98 фоизи фарзандининг ким бўлиши билан қизиқмоқда

Сақлаш
17:29 / 12.06.2024 174 0

Ўзбекистондаги оилаларда бола келажагига берилаётган эътибор бўйича тадқиқот ўтказилди.

 

Унда 3602 нафар респондент иштирок этган бўлиб, уларнинг 64,5 фоизи қиз фарзанднинг ота-оналаридир.

 

Респондентларнинг 73 фоизини аёллар (оналар), 25 фоизини эркаклар (оталар) ҳисобланади. Ўртача ёш эса 43 ни ташкил қилади.

 

Сўровда қатнашганларнинг 40 фоизи олий, 37 фоизи ўрта махсус ва 23 фоизи ўрта маълумотга эга.

 

Сўров натижасида ота-оналарнинг 94,6 фоизи фарзанди келажаги ҳақида ўзаро гаплашишиб туриши, 13,9 фоизининг фикрлари эса бир хил эмаслиги маълум бўлган.

 

Ота-оналарнинг 97,8 фоизи фарзанди билан унинг бўлажак касби ва қизиқишлари тўғрисида суҳбатлашишини, 2,2 фоизи эса бу ҳақида умуман суҳбатлашмаслигини билдирган.

 

Сўров натижаларига кўра, ёшларнинг 20,7 фоизи шифокор, 18,2 фоизи ўқитувчи, 15,0 фоизи журналист, 10,5 фоизи иқтисодчи, 7,8 фоизи ИТ соҳаси мутахассиси, 5,2 фоизи тадбиркор, 5,3 фоизи молиячи ва 1 фоизи ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилади.

 

Жумладан, қизлар асосан шифокор (24,3 фоиз), ўқитувчи (22,5 фоизи), журналист (21,1 фоиз) ва иқтисодчи (7 фоизи) бўлишни истайди.

 

Ўғил болалар эса иқтисодчи (17,5 фоиз), ИТ мутахассиси (14,3 фоиз), молиячи (8,4 фоиз), тадбиркор (8,2 фоиз) ва спортчи (4,4 фоиз) бўлиш хоҳлайди.

 

Таҳлилда ёзилишича, ота-оналарнинг бор-йўғи 56 фоизи фарзандининг таълим олишдаги ютуқларини тўлиқ қониқарли, 12,6 фоизи эса қониқарли эмас деб баҳолайди.

 

Маълумот ўрнида, мазкур респондентларнинг катта қисми фарзандларини репетиторга қўйган. Яъни, болаларнинг 75 фоизи қўшимча дарсларга қатнашади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//