Хоразмда экология ходими маст фермер томонидан калтакланди

Сақлаш
17:36 / 10.06.2024 202 0

Хоразм миллий табиат боғи инспектори А.Ў. хизмат вазифасини бажараётганда ҳужумга учради. Натижада, у жароҳат олган.

 

Маълум бўлишича, миллий табиат боғига туташ ҳудудда ташкил этилган «Амударё олтин балиқ» ф/х томонидан ўзига ажратилган ер майдонидан ташқарига чиқиб, гужум кўчатлари экилган жойга шоли экиш мақсадида майдон четидаги катта ҳимоя чегаралари бузиб ташлангани ва сув очиб юборилган. Оқибатда ҳудудда 2024 йил баҳорида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 3 минг туп гужум кўчатлари нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган.

 

Хоразм миллий табиат боғи маъмурияти томонидан фермер хўжалигига 1 кун муддатда сув чиқариб юборилмаса, 3 мингдан зиёд кўчат нобуд бўлиши ва бу маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан огоҳлантириш хати берилган.

 

Бироқ фермер хўжалиги раҳбари бу огоҳлантиришга парво қилмасдан, 4 июнь куни, кечқурун соат тунги 00:00 лар атрофида боғ ҳудудига сув очиш мақсадида кирган.

 

Шу пайтда уни инспектор пайқаб қолган ва ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринган.

 

Бу вақтда маст ҳолатда бўлган фермер инспекторга қаршилик кўрсатган ва ходимни дўппослаб, тан жароҳати етказган.

 

Инспектор Янгибозор туман тез тиббий ёрдам муассасасига ётқизилган. Айни дамга керакли муолажалар кўрсатилмоқда.

 

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Янгибозор туман Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Янгибозор тумани бўлимига қонуний чора кўриш учун юборилган.

 

Маълумот ўрнида, «Амударё олтин балиқ» ф/х раҳбари бундан олдин ҳам Хоразм миллий табиат боғи ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган ва суд томонидан тегишли жазога тортилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//