«Тренингчи»лар фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Сақлаш
20:47 / 03.06.2024 865 0

Инфолўттибозлар, миллионер бўлишга ёрдам берадиган «мотиваторлар» , бизнес-тренерлар ва психологлар фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ишлаб чиқилди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаматова маълум қилди.

 

Расмийнинг маълум қилишича, «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

 

«Жойларда ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда 2 ёки 3 ойлик шубҳали курсларни тамомлаган шахслар ўзларини «психолог» деб таништириб, одамларнинг қимматли вақти ва маблағини «ўғирлаётганлиги», бу масалани қонун билан тартибга солиш заруратига оид масала тез-тез кўтарилиб турганди.

 

Кўп миллионли аудиторияни ўзида жамлаётган ижтимоий тармоқларни ҳам кузатдик: ҳақиқатдан ҳам, 5-6 та рисолани варақлаб чиқиб, одамларнинг ишончига кириб, уларнинг руҳий, маънавий дунёсига дахл қилаётган «психолог»лар кўпайганини кўриб турибмиз», дейди Холмаматова.

 

Қонунчилик палатаси депутати «психологлар фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш шарт ва зарур»лигини таъкидлар экан, Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар ҳамкорликда масалани чуқурроқ ўргангани, мутахассислар, экспертлар билан қайта-қайта учрашиб, муҳокамалар ўтказилганини билдирган.

 

«Бир неча ойлик муттасил изланишлардан сўнг Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик ва тез орада лойиҳани Палатага киритишни режалаштирмоқдамиз.

 

Демоқчи бўлганим, ҳозирча илк ва муҳим қадам қўйилди, психологлар фаолиятига оид ҳуқуқий асос яратилади. Қонун лойиҳасида акс эттирилаётган нормалар ва уларнинг мазмун-мақсадига кейинроқ тўхталиб ўтаман», дейди депутат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//