«Ашхобод» кўнгил очар боғи раҳбарлари 15 сутка билан жазоланди

Сақлаш
15:05 / 03.06.2024 642 0

Ашхобод кўнгил очар боғи директори, унинг ўринбосари ҳамда реклама бўлими бошлиғига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

 

Маълум бўлишича, боғ раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 1 июнь куни соат 12:00 да боғда текинга 20 000 та ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган.

 

Бироқ, бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 000 нафар фуқароларни боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

 

Шунга қарамай боғ маъмурияти огоҳлантиришдан тўғри хулоса чиқармаган ва тадбир бўйича рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишда давом этган. Бу эса боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолининг оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган. Оқибатда, фуқаролар ҳаракатига хавф туғилган.

 

Жумладан, боғ ҳудудига кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият юзага келган. Шунингдек, боғга олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар келиб чиққан.

 

Якунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

 

Боғ маъмурияти ходимларига эса тегишли жазо чораси кўрилган.

 

«Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори 1981 йилда туғилган А.Н., директор ўринбосари 1987 йилда туғилган А.З., реклама бўлими бошлиғи 1994 йилда туғилган Д.Т.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185 прим.3, 200 прим.1, 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган», дейилади Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//