Маданият
Президенти Қарори билан Жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилади.
Ҳужжатга кўра, музей Бухоро шаҳридаги Хўжа Гулрез кўчаси 13-уй манзилида жойлашган Ҳовли Поён мажмуасида барпо қилинади.
Музей фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилар:
▪️ жадидлик ҳаракатига оид мамлакатимиз ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида Музей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;
▪️ маърифатпарвар жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
▪️ музей экспозицияларини яратишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш.
Музейни сақлаш харажатлари Бухоро вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, музейнинг ўз даромадлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Музей уставини тасдиқлаш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда музей фаолиятига кўмаклашиш вазифаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси зиммасига юклатилган бўлиб, жамғарма мазкур ишни Маданий мерос агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бажаради.
Музейга штат бирликларини ажратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи тўлаш мажбурияти эса Маданий мерос агентлигига топширилган.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, шу қаторда, бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорликда музейни жадидлик ҳаракатига оид музей ашёлари ва коллекциялари билан тўлдириб боради.
Ана шу мақсадда жамғарма жадидлик ҳаракатига оид ноёб китоб, қўлёзма, архив ҳужжатлари ва бошқа материалларни аниқлаш бўйича чуқур фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб боришда ҳомийлик қилади. Бундан ташқари, аниқланган материалларни таъмирлаш ва рақамлаштириш чоралари-тадбирлар ҳам жамғарма томонидан амалга оширилади.
Керакли экспонатларни жамлаш мақсадида Маданий мерос агентлиги «Миллий меросга менинг ҳиссам» умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан жадидлик ҳаракатига оид тарихий материаллар, ашёлар, ноёб суратларни музей учун харид қилиб боради.
Ташқи ишлар вазирлиги эса музейга хорижий давлатлардаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда кўмаклашади.
Музейни ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган музей ашёлари ва коллекциялари, китоб ва қўлёзмалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, металл конструкциялар, мебель ва инвентарлар 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари бу жараёнда музей фаолиятини кенг ёритиб боради.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ