Жамият
Бировнинг кредитига кафил бўлишда нималарни билиш зарурлиги ҳозир кўпгина одамларни ўйлантиради.
Қуйида мазкур масаланинг жиддий эканлигини англатувчи 10 та муҳим саволлар жамланган:
1. Қарздор кредитни тўлолмаса, нима бўлади?
Ушбу савол сиз кафил бўлишингиздан олдин ўзингизга ўзингиз берадиган биринчи савол бўлиши лозим. Кафилликнинг моҳияти шундаки, у қарздор олган кредитини тўлаши учун жавобгарликни ўзига олади. Бундай жавобгарлик қарзнинг тўлиқ суммасига ёки бир қисмига бўлиши мумкин (яъни, бу қисм шартномада келишилади).
2. Битта кредит бўйича бир нечта кафил бўлса, қарз кимдан олинади?
Бу савол аллақачон кафил бўлиб улгурганлар томонидан кўп бора берилади. Одатда барча кафиллар банк олдида солидар жавобгар бўлади (бунда субсидиар белгиланиши ҳам мумкин). Агар қарздор кредитни тўламаса, банк қарзни исталган битта кафилдан ёки ҳаммасидан бир пайтда сўраши мумкин. Банк олдида барча кафиллар тенг қарздор саналади.
3. Кафил қарздорнинг кредитларини тўламаса, нима бўлади?
Агар қарздор ҳам, кафил ҳам кредитни тўламаса, банк уларнинг ҳар иккаласини судга бериши мумкин. Кафил қарздор билан бир хил ҳажмда жавоб беради.
4. Кредит олингандан сўнг кафилликдан воз кечиш мумкинми?
Кафил бўлиш учун ёзма шаклда кафиллик шартномаси тузилади. Бу шартномани эса бир томонлама бузиб бўлмайди. Шундай экан, кафилликдан бош тортиш имконсиз. Афсуски Кафил ишини йўқотиши, касаллик, фарзанди учун контракт тўлаши, кафил бўлган таниши билан орасининг бузилиши ёки бошқа сабаблар шартномани бузишга асос бўлмайди.
5. Қандай қилиб кафилликни бекор қилиш мумкин ёки қачон кафиллик бекор бўлади?
Бунда бир нечта жиҳатлар бор:
◻️ Биринчи ҳолатда, қарз (яъни, кредит) ёпилса;
◻️ Иккинчи ҳолатда, кафилнинг жавобгарлиги унинг розилигисиз оширилса ёки бошқа ноқулай оқибатларга олиб келса;
◻️ Учинчи ҳолатда, кафиллик берилган одам кафилнинг розилигисиз ўзгарса;
◻️ Тўртинчи ҳолатда, кредитор келишилган пул ёки хизматни қабул қилмаса;
◻️ Бешинчи ҳолатда, кафиллик муддати тугаса.
6. Кафилнинг ўзи кредит ололадими?
Мумкин, аммо доим ҳам эмас. Бу қарор банкнинг кредит сиёсатига ва кафилнинг кредитга лаёқатлилигини баҳолашга боғлиқ. Кафил кредит олиш ҳолатида қарз олувчи сифатида баҳоланади.
Агар қарз олувчи бошқа кредит бўйича кафил бўлса, банкнинг кредит бериш тўғрисидаги қарорига қуйидаги омиллар таъсир қилиши мумкин:
▪️ кафиллик бўйича ажратилган кредит суммаси;
▪️ сўралган кредит миқдори;
▪️ кредитнинг муддати ва уни қайтаришгача бўлган муддат;
▪️ даромад миқдори – кафил даромади иккала кредит бўйича ойлик тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлиши керак.
Шу билан бирга, қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги керак.
7. Бир пайтда иккита қарздорга кафил бўлиш мумкинми?
Ушбу масала банкнинг кредит сиёсати ҳамда асосий қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини баҳолаш натижаларига боғлиқ. Натижалар банкнинг сиёсатига мос бўлган тақдирда кафилликка рухсат берилади.
8. Кафил қарздорнинг кредитини ёпиб қўйса, нима бўлади?
Бундай ҳолатда банкнинг кредит бўйича барча ҳуқуқлари кафилга ўтади. Аммо кафилнинг ҳуқуқлари у банкка тўлаган пул миқдори билан чекланади. Эндиликда кафил қарз берувчи ҳисобланади. У қарздордан фоизлар, бундан ташқари, ўзига етган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.
9. Кафил ўзининг кафиллиги учун пул сўраши мумкинми?
Мумкин, агар қарздор ва кафил ўртасидаги шартномада бошқача шарт бўлмаса. Кафиллик учун тўлов миқдори ўзаро келишилади.
10. Кафил бўлишдан олдин қандай маълумотларни аниқлаштириб олиш керак?
Бировнинг қарзни қайтиришини кафолатлаш жиддий қарор. Қарорнинг жиддийлиги кредит миқдорига қараб ошиб бораверади. Шунинг учун кафиллик берилаётган ҳар бир ҳолатда ҳиссиётларга берилмай вазиятни таҳлил қилиш керак.
Вазиятни қуйидаги маълумотлар асосида баҳолаш мумкин.
– кредит суммаси ва фоизи;
– кредит муддати;
– кредит тури ва мақсади;
– кредит тўлов графиги бўйича ойлик тўлов суммаси;
– кредит таъминотига бошқа гаров мулклари қўйилган ёки қўйилмаганлиги;
– кафиллик берилаётган кишини бошқа кредитлари бор ёки йўқлиги;
– кафиллик берилаётган кишининг ойлик даромадлари;
– кафиллик берилаётган кишини шахсий характери: пунктуаллиги, тартиблилиги, ҳисоблилиги.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ