Авазбек Олимовдан 170 млн сўм ундириладиган бўлди

Сақлаш
19:45 / 29.05.2024 705 0

Шунингдек, хонанда 2015 йилдан бери айтиб юрган қўшиғини бошқа куйламаслик мажбуриятини олган.

 

Авазбек Олимов Маҳлиё Аҳророва муаллифидаги шеърни шоиранинг рухсатисиз куйлаб юргани учун товон пули ва маънавий зарар тўлайдиган бўлди.

 

Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 24 майдаги ҳал қилув қарори билан хонанда Авазбек Олимовдан даъвогар Маҳлиё Аҳророва фойдасига 150 млн сўм товон пули ва 20 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

 

Маълумот учун, бундан олдин даъвогар муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун 200 млн сўм маънавий зарар ҳамда 340 млн сўм товон пули талаб қилаётган эди.

 

Бироқ суд ҳукмига кўра, даъвогарнинг бу талаби қоноатлантирилмаган. Аммо Авазбек Олимовга «Севар ёрим» қўшиғини бошқа ижро этмаслик мажбурияти юклатилган.

 

Устига-устак, хонанда ҳисобидан шоира фойдасига олдиндан тўланган 6 млн 680 минг сўм давлат божи ва 34 минг сўм почта харажатини ундириш ҳам белгиланган.

 

Хабарда айтилишича, шоира судга даъво аризаси киритиб, хонанда Авазбек Олимов унинг «Гўзал ёрим» шеърини ўзгартириб, «Севар ёрим» номи остида муаллифнинг рухсатисиз ижро этиб келганлигини, «Гўзал ёрим» шеъри 2009 йилда ёзилганлиги ва «Сўзи гавҳарим» китобида чоп этилганлиги, хонанда уни 2015 йилдан ҳозирги кунга қадар мунтазам равишда номини ўзгартириб, турли давраларда ижро этиб келганлигини таъкидлаган.

 

Иш ҳужжатларига кўра, айни ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2023 йил 4 декабрь кунги қарори билан Авазбек Олимов маъмурий жавобгарликка тортилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//