Ўзбекистонда тўланадиган нафақа турларини биласизми?

Сақлаш
14:42 / 29.05.2024 660 0

Ўзбекистонда 10 дан ортиқ нафақа ва моддий ёрдам турлари мавжуд.

 

Булар қуйидагилар:

 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси – 2 млн 484 минг сўм.

 

Мазкур турдаги нафақа ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан юридик шахсларда (яъни тўлиқ давлат тасарруфида бўлмаган ташкилотлар) меҳнат шартномасига асосан охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга тайинланади. Нафақа фуқароларнинг мурожаатларисиз «проактив шакл»да тайинланган ҳолда бир марта тўланади.

 

Дафн этиш учун нафақа – 1 млн 388 минг сўм.

 

Бу турдаги нафақа вафот этган шахснинг эри (ёки хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса, дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган шахсга тўланади.

 

Ўлим ҳақидаги далолатнома ФҲДЙ органининг электрон архив тизимида қайд этилади ва нафақа автоматик тайинланади.

 

Маълумот учун, нафақа пули ўлим қайд этилганидан сўнг «Халқ банки» бўлими (филиали) томонидан тўланади.

 

Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ёки «суюнчи пули» – 738 минг 150 сўм.

 

Жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб «суюнчи пули» тартиби ўзгарди. Жумладан, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун барча аёлларга тўланади. Иккинчи фарзанди учун эса фарзанд туғилган пайтда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолатларда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштириш рад этилади.

 

Янги тартибга кўра, «суюнчи пули» олиш учун фуқаро Давлат хизматлари марказига (ДХМ) бориб, ариза ёзади.

 

Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд қонуний вакил учун тайинланадиган нафақа – 621 минг сўм.

 

Бу турдаги нафақа фуқаролар мурожаатисиз «проактив шакл»да тайинланади ва тўланади. Бунда 18 ёшгача бўлган болага ногиронлик белгиланганда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги унинг қонуний вакилига нафақа тайинлаш учун электрон маълумотларни сўровнома шаклида «Пенсия» ахборот тизимига юборади. Сўровнома рақамлашган тарзда Пенсия жамғармасининг «Пенсия» ахборот тизими орқали кўриб чиқилади.

 

Тайинланганлик ёки рад этилганлик жавоби СМС тарзида даъвогар шахсга юборилади.

 

Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга тайинланадиган ногиронлик нафақаси – 747 минг сўм.

 

Бу турдаги нафақа ногиронлиги бўлган (шу жумладан, орфан касаллиги бўлган) ёки ОИВга чалинган 18 ёшгача болалар ёки уларнинг қонуний вакилларига берилади. Мазкур нафақа ҳам фуқароларнинг мурожаатларисиз «проактив шакл»да тайинланади ва тўланади. Бунда 18 ёшгача бўлган болага ногиронлик белгиланса, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, агар ОИВ ташхиси қўйилса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги нафақаларни тайинлаш учун маълумотларни «Пенсия» тизимига юборади. Ўрганиш натижаларига қараб нафақа тайинланади ёки тайинлаш рад этилади.

 

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақа:

▪️ И гуруҳ учун – 833 минг 750 сўм;

▪️ ИИ гуруҳ учун – 747 минг сўм.

 

Бу турдаги нафақа болаликдан ногиронлиги бўлган (И ёки ИИ гуруҳ, 18 ёшдан катта) шахсларга тайинланади.

 

Нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили бунинг учун ўзи ДХМга келиб ёки ЙИДХПда онлайн рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.

 

Ногиронлик нафақаси (И ёки ИИ гуруҳ);

▪️ И гуруҳ учун – 833 минг 750 сўм;

▪️ ИИ гуруҳ учун – 747 минг сўм.

 

Бу турдаги нафақа давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган И ёки ИИ гуруҳ ногиронлиги бор шахс деб топилган фуқароларга тайинланади.

 

Мазкур нафақани олиш учун ҳам ДХМга ёки ЙИДХПда онлайн рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилинади.

 

Етарли иш стажи бўлмаган кексалар учун тайинланадиган ёшга доир нафақа – 621 минг сўм.

 

Бу нафақалар қуйидаги шахсларга умрбод муддатга, ҳар ойда тўлаб борилади:

▪️ болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга 55 ёшдан бошлаб;

▪️ аёлларга 60 ёшдан бошлаб;

▪️ эркакларга 65 ёшдан бошлаб.

 

Нафақа тайинланиши учун фуқаро Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши кера бўлади.

 

Боқувчисини йўқотганлик нафақаси:

▪️ бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 621 минг сўм;

▪️ кейинги ҳар бир оила аъзоси учун – 212 минг сўмдан.

 

Бу турдаги нафақа давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган, вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзоларига берилади. Яъни, бундай шахслар – болалар, ака–укалар, опа–сингиллар ва набираларга меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмагани учун тайинланади.

 

Шу билан бирга, ушбу нафақани тайинлашда бошқа қатор тартиблар мавжуд.

 

Маълумот учун, таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқиш даври давомида (23 ёшга тўлгунча) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.

 

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам:

▪️ оилада уч ёшгача бўлган бир бола учун – 325 минг сўм.

▪️ энг биринчи фарзанд уч ёшдан катта бўлса – 250 минг сўм;

▪️ иккинчи фарзандга икки ҳолатда ҳам – 150 минг сўмдан;

▪️ кейинги фарзандларнинг ҳар бири учун – 100 минг сўмдан.

 

Маълумот учун, нафақадан ташқари, моддий ёрдам миқдори ойига 380 минг сўм бўлиб, 6 ой давомида тўланади.

 

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали кам таъминланган оилаларга тайинланади.

 

Таъкидлаш лозим, мазкур маблағларни олиш учун мурожаатчининг ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан, яъни 648 минг сўмдан кам бўлиши лозим.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//