Кучли шамол бўлган вақтда электр ва газ воситаларини ўчириш керак – ФВВ

Сақлаш
12:03 / 28.03.2024 1191 0

Маълумки, бугун Тошкент шаҳрида кучли шамол кузатилмоқда. Ёғингарчилик ҳам бошланган.

 

Ижтимоий тармоқларда дарахтларнинг қулаб тушиши ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Бунинг оқибатида тўхтаб туриш жойларидаги автотранспорт воситалари зарар кўрмоқда. Электр симларининг узилиши натижасида кўплаб хонадонлар чироқсиз қолган.

 

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлиги юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучли шамол вақтида қуйидаги хавфсизлик чораларини кўриш кераклигини маълум қилди:

▫️ яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;

▫️ электр ва газ воситаларини ўчириш;

▫️ кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;

▫️ кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчалари ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкамлигини текшириш;

▫️ шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган жойларда муҳофазаланиш;

▫️ очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;

▫️ бузилган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама устунлари ва дарахтлар ортига яшириниш тақиқланади;

▫️ кучли шамолдан сўнг электр ва газ жиҳозларидан улар текширилгандан кейин фойдаланиш.

 

Шу билан бирга, вазирлик автомобилларни дарахтлар ва енгил конструкцияли қурилмалар остида қолдирмасликни тавсия қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси