Асабий боғча тарбиячиси болани жазолаш учун ҳожатхонага қамаб қўйди

Сақлаш
16:49 / 12.02.2024 889 0

Бу бўйича Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

 

Хабарда айтилишича, воқеа жорий йил 8 февраль куни Чирчиқ шаҳридаги хусусий боғчалардан бирида бўлиб ўтган. Унда тарбиячи оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлганлиги туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйган.

 

Маълумотга кўра, ҳозирда мазкур тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.

 

Шунингдек, ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

 

“Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усулини қўлланилиши боланинг манфаатларига мутлақо зиддир! Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас!

 

Болалар омбудсмани мазкур факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиради. Бу борада қўшимча маълумот берилади”, – дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//