Ўзбекистон ва Беларус етакчилари «Амирсой» тоғ-чанғи мажмуасида учрашув ўтказди

Сақлаш
09:02 / 10.02.2024 888 0

9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко «Амирсой» тоғ дам олиш масканига ташриф буюрди.

 

8 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда давлат раҳбарлари маданий-гуманитар йўналишда, шу жумладан, спорт ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди. Олий даражадаги учрашувлар якунида бошқа ҳужжатлар қаторида 2024-2025 йилларда спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича дастур ва туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланган эди.

 

Маълумки, Ўзбекистонда спорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» тоғ дам олиш маскани шулар жумласидан.

 

Маълумот учун, охирги уч йилда бу ерга 4 миллионга яқин сайёҳ келган.

 

Жаҳон даражасидаги ҳар мавсумга мос ушбу мажмуага ташриф давомида давлат раҳбарлари спортчилар ва сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан танишди, икки мамлакат ўртасидаги туризм алмашинувини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

 

Етакчилар самимий мулоқотни тоғ-чанғи трассасида давом эттириб, биргаликда чанғи учди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси