Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кўтаринки руҳда нишонланди

Сақлаш
22:47 / 09.02.2024 1094 0

Бу йил улуғ мутафаккир шоир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги мамлакатимиз миқёсида ғоят кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Бу эса мамлакатимизда аллома шоир бобомиз меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш, кенг тарғиб этиш, маънавий-маърифий ишларни замон руҳига ҳамоҳанг ташкил этиш борасидаги амалий ишларнинг натижасидир.

 

9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони эрта тонгдан ижодкор зиёлилар, адабиёт мухлислари, мамлакатимиздаги чет эл дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, чет эллик навоийшунос олимлар, турли вазирлик ва ташкилотларнинг вакиллари, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди.

 

Унда Навоий ижодига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Мумтоз наволарнинг жаранги эса йиғилганларни улуғ мутафаккирни яна бир карра англашга чорлади.

 

Тадбир иштирокчилари томонидан шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, эҳтиром кўрсатилди.

 

Тадбир давомида жамоат арбоблари, халқимизнинг кўзга кўринган вакиллари, хориждан келган меҳмонлар сўзга чиқиб юртимиздаги адабий ислоҳотларда Алишер Навоий асарларини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ва уни хорижий тилларга таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

 

Жумладан, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Жасулан Искаков Алишер Навоий ижоди ўзининг ўлмас ва ҳаётбахш эзгу ғоялари билан ҳамон башариятни эзгуликка, тинчлик ва ҳамжиҳатликка, маънавий поклик, инсоф-диёнатга чорлаб келаётганини таъкидлади.

 

Эронлик олим, профессор Ғулом Ризо Размий эса Навоийнинг Эронда сақланаётган қўлёзмалари, ушбу мамлакатда улуғ аллома бунёд эттирган иншоотлар хусусида маълумот берди. У Ўзбекистон заминида, буюк Алишер Навоий авлодлари ҳузурида эканимдан ғоят мамнунлигини айтар экан, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар тарихи узоқ асрларга бориб тақалишини, бу муносабатларнинг энг равнақ топган жиҳатлари Навоий яшаган, ижод қилган давр билан бевосита боғлиқлигини таъкидлаб ўтди.

 

Маълумот учун, шоирнинг ижодига бағишланган тадбирлар пойтахтнинг Навоий кўчасидаги Шоирлар хиёбонида, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ майдондаги аллома ҳайкали пойида ҳам бўлиб ўтди.

Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча таълим масканлари, кутубхоналар, ижодий ташкилотларда бўлиб ўтмоқда.   

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//