Тарих фани ўқитувчиларига ҳам устама тўланиши мумкин

Сақлаш
16:24 / 31.01.2024 693 0

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2024 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

 

Шунингдек, ушбу Давлат дастурида умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик сертификациялаш тизими жорий этиши белгиланган. Яъни, энди директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар 5 йилда 1 маротаба аттестациядан ўтказилади.

 

Давлат дастурида “Менинг мактабим” лойиҳаси йўлга қўйилиши ҳам таъкидланган. Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳар) синов тариқасида амалиётга татбиқ этилади. Лойиҳа доирасида мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари миқдорида (ҳозирда 51 млн. сўм) маблағ ажратилиб, бу маблағлар 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади.

 

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//