Наманган вилояти ҳокими «Навбаҳор» футбол клубига 2,5 млрд сўм ажратди

Сақлаш
20:32 / 26.01.2024 1720 0

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков «Навбаҳор» футбол клубига вилоят буджетининг захира жамғармасидан 2,5 миллиард сўм ажратди. У бу бўйича 19 ва 25 январь кунлари тегишли фармойишлар имзолаган.

 

Ҳужжатга кўра, маблағ вилоятда футболни ривожлантириш ва футбол клубининг молиявий аҳволини яхшилаш, мавсум олдидан йиғинларни юқори савияда ўтказиш учун ажратилмоқда.

 

Шу тариқа ҳоким аввалига клубнинг мурожаати асосида 500 миллион сўм, олти кундан кейин эса яна 2 миллиард сўм ажратди.

 

Ўтган футбол мавсуми якунига кўра, «Навбаҳор» Ўзбекистон Суперлигасида 47 очко билан пешқадам «Пахтакор»дан 6 очко ортда қолиб, учинчи ўринни эгаллаганди.

 

Ўтган йилнинг июль ойида Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Пахтакор»га маош ва бошқа тўловларни молиялаштириш ҳамда ўйинлар ўтказиш учун 7 миллиард сўм ажратганди.

 

Август ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов хусусий «Андижон» футбол клубига молиявий кўмак беришини маълум қилганди. Ўзбекистон чемпионатининг 17-турида «Олимпик» устидан қозонилган ғалабадан сўнг футболчи Рубин Ҳебайга автомобиль, қолган футболчиларга эса иПҳоне 14 смартфонларини совға қилганди.

 

Президентнинг 2023 йил 24 мартдаги қарори билан мамлакатнинг бир қатор футбол клублари, жумладан, «Пахтакор», «Навбаҳор» ва бошқаларни хусусийлаштириш кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//