Марказий банк Ўзбекистонда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Сақлаш
14:01 / 25.01.2024 1590 0

Марказий банк бошқаруви 25 январдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

 

Қайд этилишича, иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилган. Инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

 

Шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.

 

Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса, келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади.

 

Умуман олганда, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг юзага келиши ва сақланиб қолаётгани, юқори талаб шароитларига айрим таклиф компонентларининг тўлиқ мослаша олмаётгани билан изоҳланади.

 

Жаҳон иқтисодиётдаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хомашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг 2024 йилда ҳам секишлашишда давом этиши кутилмоқда.

 

Савдо ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги тахмин қилинмоқда.

 

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

 

2024 йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

 

Айни пайтда, айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўзбекистонда 2023 йил 16 мартда асосий ставкани йиллик 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди. Шундан буён асосий ставка ўзгаришсиз қолиб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси