Жамият
Айни кунларда Озарбойжон Республикасида «Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари» бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир доирасида жойларда қатор учрашувлар, кўргазмалар, давра суҳбатлари ўтказиляпти.
24 январь куни Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан «Ўзбекистон-Озарбойжон: маданиятлар мулоқоти» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унга ҳар икки мамлакатнинг қатор олимлари ва мутахассислари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари қаторида Озарбойжондаги бир қанча музей ва кутубхоналар, илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келади.
«Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга эга. Яқинда икки мамлакат олимлари иштирокида «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидан Озарбойжонда сақланаётган маданий меросимиз намуналарига бағишланган янги жилд нашр қилинди. Мазкур китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти, Озарбайжон тарихи музейи, Тасвирий санъат музейи, Миллий гилам музейи сингари муассасаларда сақланаётган, Ўзбекистонга оид бўлган осори атиқалар ҳақида ҳикоя қилинади», деган Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.
«Институтимизда Ўзбекистон замини билан боғлиқ қўлёзмалар кўп. Жумладан, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига мансуб ўнлаб қўлёзмаларни санаб ўтиш мумкин. Турк дунёсининг мазкур буюк сиймолари биз, Озарбойжон халқи учун ҳам ниҳоятда қадрли, бу улуғ мутафаккирлар мероси дурдоналари фондимиз хазинасидан жой олгани бизга ҳам ифтихор бағишлайди», дейди , - Озарбойжон Миллий фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори, академик Темур Каримли.
Тадбирда Ўзбекистон фанлар академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Бутунжаҳон жамияти аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори Элмира Гул, Озарбойжон Миллий гилам музейи директори Ширин Маликова, Қўлёзмалар институти етакчи илмий ходими Азизоға Нажафов ва бошқалар мазкур китоб-альбомнинг мазмун-моҳияти, Озарбойжон тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарининг ўзига хослиги хусусида тўхталиб ўтди.
Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни чуқурлаштиришда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг тутган ўрни ҳақида гапириб, бу борада самарали фаолият кўрсатаётган озарбойжонлик олимлар ва тадқиқотчиларга Бутунжаҳон жамияти номидан ташаккурномаларни топширди.
Озарбойжон Миллий фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институтига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомларнинг 50 жилди совға қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Озарбойжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳам иштирок этган.
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ