АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини юборди

Сақлаш
15:01 / 23.01.2024 874 0

23 январь куни АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 422,8 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

 

Ёрдам 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларига тарқатилади. Жумладан, мамлакатдаги ёрдамга энг кўп муҳтож фуқаролар, хусусан, туберкулёз ва руҳий саломатлик муассасаларидаги беморлар, ногиронлиги бўлган болалар ва кексалар 6,5 миллион порция озиқ-овқат билан таъминланади.

 

«Ушбу дастур овқатланиш сифатини яхшилаш ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари соғлом ва самарали ҳаёт кечириш учун етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминланиши бўйича давом этаётган Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни намойиш этади», дейди УСАИДънинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Ҳофман.

 

Маълумот учун, 2010 йилдан бери УСАИДънинг Озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4,4 миллион АҚШ долларидан ортиқ 1500 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари АҚШнинг нотижорат ташкилоти — Resource and Policy Exchange томонидан Соғлом авлод учун халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.

 

Ўзбекистонга олиб келинган ушбу янги инсонпарварлик ёрдами АҚШнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасидаги қиймати 122 миллион АҚШ долларидан ортиқ узоқ муддатли сармоясининг бир қисми ҳисобланади. Шу тариқа, АҚШ ҳукуматининг сўнгги 20 йилда давомида Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами миқдори 1 миллиард АҚШ долларидан ошди.

.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси