Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги мудофаа саноати кластерига ташриф буюрди

Сақлаш
09:01 / 12.01.2024 1374 0

Президент, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Мудофаа саноати агентлигининг Тошкент вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш кластерини бориб кўрди, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

 

Хабарда таъкидланишича, кейинги йилларда қўшинларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлиги самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида зарур инфратузилмага эга бўлган бир қатор ўқув полигонлари яратилган. Бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 

«Шу билан бирга, бугунги кунда янги босқичга кўтарилаётган мудофаа саноатини модернизация қилиш ва салоҳиятини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айнан шу мақсадда ўтган йилнинг январь ойида президент Мудофаа саноати агентлигини Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказиш ва унинг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан топшириқ берган эди», — дейилади хабарда.

 

 

Агентлик томонидан «зарур ҳарбий-техник маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, замонавий ҳарбий техникаларни харид қилиш ва қўшинларга етказиш ҳамда мавжуд қурол-аслаҳа намуналарини модернизация қилиш» бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилган.

 

Давлат раҳбарига объектларга ташрифи чоғида Мудофаа саноати агентлигининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

 

Янги кластер ҳудудида жойлашган корхоналар ўзаро интеграция қилиниб, уларнинг ягона таъмирлаш цехлари ташкил қилинди. Мазкур корхоналарда қурол-яроғ ва ҳарбий техника, радиолокация қурилмалари, оптик ва электрон-оптик асбоблар, ўқотар ва артиллерия қуроллари модернизация қилинмоқда ҳамда металларга юқори аниқликда ишлов берилмоқда.

 

Давлат раҳбари ушбу қувватлар фаолияти билан танишиб, соҳага илғор технологияларни кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш зарурлигини қайд этди, корхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

 

Президентга Мудофаа саноати агентлигининг янги кластеридаги ишлаб чиқариш қувватлари томонидан таъмирланган ва модернизация қилинган ҳарбий техника ва қурол-яроғ намуналари намойиш этилди.

 

Шавкат Мирзиёев ташриф чоғида янги турдаги ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича корхона фаолиятига старт берди. Маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, муҳандис ва мутахассислар малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

 

Якунда президент мутасаддиларга мудофаа саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш юзасидан топшириқлар берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси