Ўзбекистонда бир кунда АҚШга ноқонуний юбориш билан боғлиқ тўртта ҳолат фош этилди. Айбдорлар орасида Инвестициялар вазирлиги ходими ҳам бор

Сақлаш
16:01 / 05.01.2024 1283 0

«Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни Америка Қўшма Штатларга юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлади», дея хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

 

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқарога АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юборишини айтган. Эвазига ундан 14 минг доллар талаб қилган. Ходим тезкор тадбирда олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

 

Шунингдек, ҳозирда АҚШда яшовчи, муқаддам судланган 24 ёшли шахс Самарқанддаги қариндоши билан бошқа бир фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга ишга юборишини айтган. Эвазига эса ундан 16 минг доллар талаб қилган.

 

Бироқ унинг қариндоши пулдан 10 минг долларини олган вақтида ушланган. АҚШда яшаётган шахс муқаддам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан 41 600 доллар олгани ва пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

 

Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятида яшовчи 24 ёшли шахс Фориш туманида яшовчи фуқарога уни Туркия-Европа-Никарагуа-Мексика орқали Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилиб, эвазига талаб қилинган 17 минг доллардан 10 мингини олаётган вақтида қўлга олинган.

 

Шунингдек, ҳозирда АҚШнинг Оҳаё штатида яшовчи 32 ёшли фуқаро ва унинг Янгиер шаҳрида яшовчи таниши ховослик фуқарони Мексика орқали Америкага юбориш, шунингдек, бунинг учун зарур бўладиган виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 8200 доллар талаб қилган ва 8100 АҚШ доллари ҳамда 1 млн 240 минг сўм олган вақтида қўлга олинган.

 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси