Маданият
Жорий йилнинг 1 январи куни “Жадид” номли адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий ҳафталик газетанинг илк сони нашр этилди. Саккиз саҳифадан иборат газетанинг ҳар бир саҳифаси алоҳида рукнларга ажратилиб, улар “Давр руҳи”, “Ойна”, “Жамият”, “Фикр майдони”, “Тамаддун”, “Боқий мерос” ва “Биринчи китобим” деб аталди.
Ўтган аср ибтидосида, ўта мураккаб бўлган тарихий шароитда маърифатпарвар боболаримиз миллий озодлик ,уйғониш, ва тараққиёт ғоялари билан майдонга чиқиб, ўзларининг беназир салоҳияти, ноёб инсоний фазилатлари билан улкан фидойилик ва жасорат намуналарини кўрсатгани ҳаммамизга яхши маълум. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг буюк ибрати келажак авлодлар учун беқиёс сабоқ бўлиб қолди. “Жадид”нинг “янги” маъносини англатувчи моҳиятидан келиб чиқсак, янги газета жадид боболаримизнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси билан муштарак ғоя ва дастурларини атрофлича ёритиб, улар меросини эл-юртимиз, аввало ёшларимиз қалби ва шуурига етказишда, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ўзига хос минбар бўлиб қолиши кўзда тутилади.
Газета илк сонининг мазмун-мундарижасига келсак, у ниҳоятда ранг-баранг ва қизиқарли мавзуларни қамраб олган. Хусусан, Бош муҳаррир Иқбол Мирзо ўзининг “Бирлашмоқ даври” мақоласида газетанинг мақсад вазифаларига тўхталса, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров “Инсон қалбига йўл” мақоласида Ватанимизнинг янги тараққиёт йўлига чиққанидан фахр ва ифтихор туйғуларини изҳор этади.
Филология фанлари доктори Шаҳноза Назарованинг “Уйғониш нуқтаси” мақоласи ўтган йили 11-12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Жадидлар:миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий анжумандан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг маънавий асослари хусусида баҳс юритади. Профессор Ҳамидулла Болтабоев “Учинчи Ренессанснинг миллий пойдевори” номли мақоласида жадидлар фаолиятини қамраб олса, профессор Баҳодир Каримов “Турон” жадид кутубхонаси бунёд этилса” мақоласида улуғ боболаримиз меросини ўрганиш учун янги кутубхона очиш таклифини беради. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлатовнинг “Байрам кимники?» мақоласида эса янги йил тарихидан қизиқарли маълумотлар келтирилади.
Газетанинг “Боқий мерос” рукнида улуғ жадидларимиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Миллатлар қандай тараққий этарлар?» мақоласи ҳамда Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Абдулла Авлоний шеърларидан гўзал намуналар билан танишасиз. Газетанинг сўнгги – “Биринчи китобим” рукни саҳифасидан ёш авлод – Мавлуда Бойчева, Эркин Ҳожимуҳаммад, Муниса Аъзамова Хосият Абдураҳмонова ва бошқаларнинг бадиий ижод намуналари ўрин олган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ