Ўзбекистонга Хитойдан сунъий гуручлар импорт қилинаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Сақлаш
16:16 / 03.01.2024 1101 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига Хитойдан импорт қилинган гуручлар сунъий экани ва целлофандан тайёрлангани айтилган видео хабарлар тарқалган эди. Расмийлар буни рад этди.

 

Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломовнинг ЎзАга маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистонга импорт қилинадиган гуручлар ичида турли хил зараркунанда ва ҳашаротлар йўқлиги бўйича ҳамда ўта хавфли ва бошқа инфекциялар олиб кирилмаслиги бўйича текширувдан ўтказилади. Маҳсулот тегишли ташкилотлар хулосасига кўра истеъмолга ёки экишга яроқли деб топилсагина Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилади.

 

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати ҳам бундай гуруч Ўзбекистонга импорт қилинмаганини маълум қилди.

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли етиштиради. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилга 9,8 килограммдан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.

 

Республика ҳудудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилган. Гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).

 

Таҳлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.

 

Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7 фоиз), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3 фоиз), Таиланддан 599 тонна (1,1 фоиз), Туркиядан 265 тонна (0,5 фоиз) ва Ҳиндистондан 126 тонна (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02 фоиз) гуруч импорти амалга оширилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//