Ўзбек тилини Б1 даражада биладиган ўзбеклар, яшаш амалини эгалламаган кишилар ҳақида “Tafakkur” журналининг янги сонида ўқинг

Сақлаш
02:48 / 27.12.2023 1041 0

“Диққат қилсак, инсоният тарихида кечган жамики босқинлардан мақсад – истило қилинган элни яшашни унутиб, тирикчилик қилибгина кун ўтказишга кўндириш бўлган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўплаб нуқталарида ана шу босқин бор кўлами билан давом этмоқда.” Раҳмон Қўчқорнинг “Олтиндан тарози, олмосдан тош...” мақоласида онгимизда, дунёқараш ва кайфиятимизда ислоҳ қилиниши, ўзгартирилиши лозим бўлган нуқталар ҳақида сўз борган. Мақоланинг тўлиқ матнини “Tafakkur” журналининг 2023 йил 4-сонида ўқинг.

 

“Биз ҳозир фақат қонуний асосларга урғу бериш, уни талаб қилишга одатланиб қолдик. Илмий, таълимий масалаларга эътибор эса кўнгилдагидек эмас: имло ва талаффуз меъёрлари бўйича тадқиқотлар деярли йўқ. Тилимизнинг фақат ёзма меъёрлари ўрганилган, жонли оғзаки нутқ эса тузук-қуруқ тадқиқ этилмаган. Бу, айниқса, ўзбек тилини хорижликларга, адабий тилдан йироқроқ шева вакилларига ўргатишда муаммо туғдирмоқда. Тилшунослик ва космополитизмдан воз кечиб, фанни ҳаётга, жамият эҳтиёжларига яқинлаштириш керак.” Тилшунос олим Бахтиёр Менглиевнинг миллий тил, тараққиёт формуласи, шахс маънавияти хусусидаги мулоҳазалари билан  “Зоҳиран тараққиёт, ботинан...” суҳбатида танишинг.

 

“Шу кунларда Уйғониш маърифати ҳақида кўп сўзланяпти. Ахлоқий безаниш, илмларни ўзлаштиришгина эмас бу. Уйғониш маърифати – уйғониш оғриқларига чидамоқ ҳамдир. Чўлпон юз йил аввал “Ёзилмоғонми бу тунлар ортида тонг отмоқ” дея ҳайқирган эди. Тонг отди, аммо бу шеърлар бугун ҳам юрагимизни ёқади, миллатни маърифат ва ҳушёрликка даъват этади. Уларнинг ҳеч бири эскирган эмас. Мирмулло Шермуҳаммад ўғли баёзда ёзганидек, барчаси руҳан, маънан қадни тик тутиш ҳақида. Қолаверса, Ватан йўлидаги мангу ташналик, мангу безовталик ҳақида. Зотан, мангу ташналик, мангу безовталик биздан ташқарида эмас.” “Жавондаги жавоҳир” рукнида “Ростин айтаман сизга” сарлавҳаси билан эълон қилинган китобхоннинг “юрак устида сақланган китолар”и таҳлили билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Дониш уйи”, “Изҳорлар ва иқрорлар” мақолалари, “Катэна” ҳикояси, “Санъаткор ва тахайюл” ҳамда “Фонийлик” – Зигмунд Фрейддан таржималар, “Яшамоқ – яратмоқ” моҳият жилолари ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Сиёсий маданият қандай шаклланади”, “Қайта туғилиш рамзлари”, “Соҳибқирон сабоғи”, “Силсилаи шарифнинг етти ҳалқаси” мақолалари эълон қилинган.

 

Буюк мусиқачи Людовиг ван Бетховеннинг “Фақат санъат ва илму фангина инсонни илоҳий ҳақиқатга қадар юксалтиради” ҳикмати “Ҳақиқат хизматида”да берилган. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида келтирмоқчи бўлганимиз: “Tafakkur”ни ўқинг, санъат ва илм-фанга ошно бўлинг, илоҳий ҳақиқатга қадар юксалиб боринг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//