2024 йил учун давлат бюджети тасдиқланди

Сақлаш
14:12 / 26.12.2023 893 0

Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

 

Қонун билан 2024 йил учун Ўзбекистоннинг консолидациялашган буджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди.

 

Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий ва давлат дастурларига ажратиладиган грант маблағларининг белгиланган миқдорлари қонунга ўзгартиш киритилмасдан кўпайтирилади.

 

Ўзбекистон буджет тизими буджетларининг 6 ойлик ижроси якунлари бўйича даромадлари прогнози бажарилмаган ва жорий молия йилининг охирига қадар уларнинг келиб тушиши учун етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:

 

республика буджети умумий харажатларининг 3 ва ундан ортиқ фоизи миқдоридаги харажатларни қисқартириш Олий Мажлис палаталари томонидан;

 

3 фоиздан кам миқдордаги харажатларни қисқартириш Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.

 

Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 25 триллион сўм миқдорида белгиланди.

 

2024 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган буджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгиланди.

 

Қонунга кўра, жумладан солиқларнинг қуйидаги турлари туманлар ва шаҳарлар буджетларига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

 

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

 

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

 

мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек ЯТТлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

 

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

 

норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

 

«2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат буджети тўғрисида»ги қонун 20 декабрь куни сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланганди. Унда давлат буджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 триллион сўмни ташкил этиши қайд этилган.

 

Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси