Асрий орзу – Қозоғистон билан иттифоқчилик муносабатлари бошланмоқда

Сақлаш
21:39 / 06.12.2021 879 0
Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат ташрифининг асосий тадбирларидан сўнг ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.

 

Шавкат Мирзиёев ўз баёноти аввалида Қозоғистон халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан яна бир бор табриклади.

 

Кейинги йилларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларига асосланган Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида улкан ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланди.

 

“Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги замирида бир-биримизни тўлдириб туриш борасидаги улкан салоҳиятдан фойдаланишга интилиш ҳам мавжуд. Биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш ниятидамиз”, – деди Шавкат Мирзиёв.

 

Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми қарийб 40 фоизга ошиб, бу борада рекорд кўрсаткич – 4 миллиард долларга эришиш кутилмоқда. Музокаралар чоғида товар айирбошлашни келгуси йилда 5 миллиардга, узоқ муддатли истиқболда эса 10 миллиардга етказиш мақсад қилинди.

 

Саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳасида эришилган келишувлар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада муваффақиятли мисоллар мавжудлиги, жумладан, Костанайда автомобиллар, автобуслар ва қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, Туркистон ва Чимкентда тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди.

 

Ўзбекистонда саноат, энергетика, кимё, қурилиш, банк ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари якунида қиймати 6 миллиард долларга яқин бўлган янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

 

Бундай кўрсаткичлар аввал бўлмаган. Қолаверса, барчаси қатъий келишувлар, улар истиқболга яхши замин яратади, деди Шавкат Мирзиёев.

Транспорт ва транзит соҳаси салоҳиятини кенгайтириш мақсадида “Учқудуқ-Қизилўрда” автомобиль ва темир йўллари, “Туркистон-Чимкент-Тошкент” юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўлини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

 

Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб бориш юзасидан келишувга эришилди. Келгуси йилда юртимизда биринчи Ёшлар конгресси ҳамда Ижодий ва илмий зиёлилар форуми ташкил этиладиган бўлди.

 

Қозоқ юртдошларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига ва бошқа давлат мукофотларига сазовор бўлганлар, сенатор ва депутатлар, вазир ва генераллар, йирик корхоналар раҳбарлари борлигидан фахрланамиз, деди Мирзиёев.

 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини келгуси йилда кенг нишонлаш мақсадида тегишли дастур қабул қилишга келишиб олинди.

 

Минтақавий ва халқаро майдондаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидек самарали платформани яратишга муваффақ бўлингани, унинг доирасида умумий уйимизни комплекс ривожлантириш йўллари белгиланаётганини алоҳида қайд этди.

 

Ушбу ташриф доирасида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзоладик. Ишончимиз ва шериклигимиз жуда юксак даражага чиққанидан, биргаликда ҳаракат қилиб, ҳар томонлама кўмакдош бўлишга тайёр эканимиздан далолат берувчи Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация улар орасида энг асосийси. Биз икки қардош халқларнинг равнақи йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоримиз, деди Ўзбекистон Президенти.

 

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам кенг доирадаги масалалар юзасидан фикр алмашилган музокаралар якунидан мамнунлигини билдирди.

 

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президентини ўзига қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//