Давлат органлари ва корхоналари раҳбарлигидаги аёллар улуши 30 фоизга етказилади

Сақлаш
09:12 / 26.12.2023 666 0

Ўзбекистонда давлат органларининг раҳбарлик лавозимларидаги аёллар улуши 2030 йилга қадар 30 фоизгача етказилади. Бу президентнинг 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

 

2030 йилгача ҳар бир давлат органи, ташкилот ва корхонасида, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи, суд тизимида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқарув ходимлари орасидаги хотин-қизларнинг улушини 2030 йилга қадар 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибини шакллантиришда ҳам татбиқ этилади.

 

Фармон билан иш берувчи томонидан иш ўринлари захирасига қўйиладиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тоифаларига оилавий зўравонлик оқибатида жабрланганлар ҳам киритилади.

 

2024 йил 1 февралдан таълим муассасаларида касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу билан бирга, касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан ошмаган қисми давлат ҳисобидан қопланади.

 

2024 йил 1 январдан хотин-қизларга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида иш юритувчи бўлиб ишлашига 11 ойгача бўлган муддатга рухсат этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси