Сиёсат
6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев фахрий қоровул олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.
Сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.
Самимият ва ишонч руҳида ўтган учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади, ушбу учрашувнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди.
- Сиз Қозоғистонга давлат ташрифи билан келганингиздан жуда мамнунмиз. Ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда ушбу воқеа жуда муҳим. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар шериклигимизга қўшимча суръат бағишлайди. Мамлакатларимиз ҳукуматларига белгиланган мақсадларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш топшириғини бердик. Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади, – деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Президентимиз таклиф учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон халқи номидан биродар қозоқ халқини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклади, тинчлик-осойишталик, равнақ ва янги зафарлар тилади.
Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев бошлаган катта бунёдкорлик ишлари бугунги кунда Қосим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида давом эттирилаётгани ва Қозоғистон барқарор тараққиёт йўлидан дадил бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этди.
– Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража - 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатларимиз ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Туркистон шаҳрида Бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтди. Куни кеча Қозоғистон пойтахтида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилди. Ушу тадбирлар натижасида жами 6 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.
Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 6 баробарга ошди. Костанайда автомобиль, автобус ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Туркистон ва Чимкентда замонавий тўқимачилик ва маиший техник корхоналари ишга туширилди. Ўзбекистонда қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, саноат, кимё, озиқ-овқат тармоқлари, қурилиш соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Пандемия даврида биродар халқларимиз бир-бирига ёрдам бериб келдилар.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Қозоқ киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. Шу ҳафта Қозоғистон пойтахтида Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади.
Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ўз самарасини кўрсатди. Очиқ ва ишончли мулоқот учун ноёб майдон шаклланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.
– Бугун икки томонлама стратегик шериклигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарор қабул қиламиз. Бу нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг изчил тараққиёти, барқарорлиги ва равнақи учун улкан аҳамиятга эга бўлади, – деди Ўзбекистон Президенти.
Етакчилар минтақа ва халқаро кун тартибининг томонларни қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Жамият
Жамият
Маданият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ