Жамият
Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқиб, муҳокамаларсиз қабул қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» ёзди.
Энди қонунни президент имзолаши керак бўлади.
“Қонун лойиҳаси асосий давлат рамзларидан бири — Қирғизистон Республикаси байроғини такомиллаштиришга қаратилган. Қирғизистон Республикаси байроғидаги нурлар шаклини тўлқинсимондан қуёш нурларига ўхшаш шаклга ўзгартириш таклиф қилинмоқда”, — дейилади хабарда.
Ҳужжатни қабул қилишни ёқлаб, 59 депутат овоз берган, беш нафари эса қаршилик билдирган.
Қирғизистоннинг ҳозирги байроғи қизил рангда бўлиб, унинг марказида олтин рангдаги қирқта нурдан иборат қуёш жойлашган. Бу қирқ нур қадимги қабилаларнинг ягона давлатга бирлашишини англатади. Қуёшнинг ичида тундук (ўтов гумбази марказий қисми) тасвирланган. Ҳозир байроқда қуёш нурлари тўлқинсимон ва тундук учта таёқдан иборат.
Қонун лойиҳасини октябрь ойида парламент спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов тақдим этган эди. Улар байроқни ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, ҳозирги тасвир кўпинча “кунгабоқар ёки ўтов” билан адаштирилишини айтган. Шунингдек, улар байроқда тўртта тундук таёқчасини тасвирлашни таклиф қилган. Депутатларнинг сўзларига кўра, тундукдаги тўртта таёқ бой қирғизларнинг ўтовларида, учтаси эса камбағаллариникида бўлган.
Депутатларнинг ташаббусини мамлакат президенти Садир Жапаров ҳам қўллаб-қувватлаган. “Ҳозирга қадар жамиятда байроғимиз кунгабоқарга ўхшаб кетиши ва бунинг фонида мамлакат тиззасида тура олмаслиги бўйича фикр бор эди… Тузатилган версия ҳақиқатан ҳам қуёш нурларига ўхшайди. Худо хоҳласа, бу вариант қабул қилинса, бундан кейин қарам бўлмаймиз”, — деди у.
Ўтган ҳафта Жапаров байроқни ўзгартириш ўзининг шахсий ташаббуси эканини тан олиб, депутатлардан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни сўраганди.
“Кўпчилик харажатлар кўп бўлади, паспортни, рақамларни ўзгартириш керак, демоқда. Ҳеч нарсани ўзгартириш шарт эмас. Байроқларни фақат элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналарда, шунингдек, вазирлик ва идораларда ўзгартирамиз. Бу кўп пул талаб қилмайди. Мен агар бу ўзгариш харажатларни талаб этса, шахсий ҳисобимдан пул ажратишимни айтдим”, — деди Қирғизистон раҳбари.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ