“Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳар қандай ҳолатда ҳам тўлаб берилади” – Танзила Норбоева

Сақлаш
14:42 / 21.12.2023 828 0

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни муҳокамаси жараёнида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари (декрет) миқдори қисқартирилгани кўпчиликда саволларни туғдирганига эътибор қаратилди.

 

Ҳолбуки, бу қисқартиш реал ҳисоб-китоблар, яъни жорий йилги ўзлаштириш даражасини инобатга олган ҳолда белгиланган.

 

“Лекин, токи Бюджет лойиҳаси эълон қилингунга қадар хусусий секторда ишловчи аёлларнинг декрет пули билан боғлиқ реал ҳолатни тегишли идоралар жамоатчиликка тақдим этганини эслай олмаймиз. Масалан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ушбу масала билан қизиқмаган. Нега ўзлаштириш кам бўляпти, хусусий сектордаги аёлларимиз давлатнинг бу кафолатидан қанчалик хабардор, хусусий корхоналар бу масалага қандай ёндашяпти, деган саволлар доирасида кенг қамровли муҳокамалар бўлди, дея олмаймиз. Ваҳоланки, мутасадди вазирлик, идоралар бунга биринчи навбатда эътибор қаратишлари керак эди. Ҳамма, айниқса хусусий секторда расман меҳнат қилаётган аёлларимиз билиб қўйишлари керак: ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари – бу давлат кафолати ва ҳар қандай ҳолатда ҳам тўлаб берилади. Бошқача талқинга ўрин йўқ”, – деди Сенат раиси.

 

Давлат бюджетида кўрсатилган ҳар бир рақамнинг асоси, мазмуни ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш кераклиги мажлисда алоҳида таъкидланди.

 

Аввалроқ 2024 йилги бюджет лойиҳасида хусусий секторда ишлаётган аёлларга давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғруқ нафақалари тўланиши учун 100 млрд сўм ажратилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Чунки ушбу харажатлар учун 2023 йилги давлат бюджетида 300,7 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу ҳолатни 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олингани билан изоҳлаганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

Жамият

10:30 / 11.08.2025 0 11
Xalq banki filialida omonat pullari talon-toroj qilindimi?

//