Қўштепа канали қирғоғини сув ювиб кетгани ростми? “Ўзбеккосмос” агентлиги ўрганишлари

Сақлаш
16:40 / 15.12.2023 1920 0

“Ўзбеккосмос” Афғонистонда қазилаётган Қўштепа канали қирғоғидан сув сизиб чиқиши ҳодисаси Амударё сув оқими билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

 

Қайд этилишича, бунга сизот сувларининг кўтарилиши сабаб бўлган. Илгарироқ, “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертлари Афғонистонда қазилаётган Қўштепа канали Амударё суви билан тўла бошлаганидан кейин оқимнинг босимига бардош бера олмагани ва катта ҳажмдаги сув яқин атрофдаги ҳудудга тарқалгани ҳақида хабар берганди.

 

“Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан Қўштепа каналидан сув сизиб чиқишига оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилди.

 

Ўрганишларга кўра, канални қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022-йил май ойидан бошлаб ер ости сизот сувларининг кўтарилиши аниқланган. Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023-йил 10-октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.

 

 Қўштепа каналидан сизиб чиққан сувнинг тарқалиш ҳудуди ва майдонининг космик суратлари

Қўштепа каналидан сизиб чиққан сувнинг тарқалиш ҳудуди ва майдонининг космик суратлари

 

“Ўзбеккосмос”га кўра, 2023-йил 4-ноябрь куни Қўштепа каналининг 75,6 км қисмида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5-ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 кв.км, 25-ноябрда 23,8 кв.км, 13-декабрда 30,3 кв.км.ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган.

 

Қўштепа каналининг Амударёдан сув олиш қисмида қазилмаган ҳудуд ва дарёдан сув олиш жойининг космик суратлари

 

Қурилиш динамикасининг космик мониторинги каналнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмагани, дарёга уланиш жойида 20 метрга яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатган.

 

Шу билан бирга, сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилгани (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) бўйича визуал белгилар аниқланмаган.

 

“Ҳозир сув сизиб чиқиш жойи атрофида сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бормоқда”, — дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//