Хонадонда электр ускуналаридан ортиқча фойдаланганда автоматик тарзда ўчириб қўйиш амалиёти вақтинча тўхтатилди

Сақлаш
17:29 / 13.12.2023 932 0

Ижтимоий тармоқларда соатига 4,5 киловатт соатдан ортиқча электр энергияси ишлатган хонадон электр таъминотидан узилиши ҳақида хабарлар эълон қилиняпти. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

 

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан қабул қилинган Қоидаларнинг 63-4-бандига асосан, истеъмол қилинадиган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида маиший истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли юклама орқали чегараланиши, бунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ва жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10–15 кВт қувват доирасида чеклов киритилиши кўзда тутилган.

 

“Демак, соатига 4,5 киловатт соат деган гап шу банднинг нотўғри талқини бўлмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу амалиёт истеъмол юқори бўлган жойларда қўлланилади ва истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёнади”, — дейилади вазирлик хабарида.

 

Бироқ ҳаво ҳароратининг совуқ кунларида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу норма вақтинча бекор қилинган. Яъни, хонадон эгаси электр энергиясидан белгиланган меъёрдан ортиқча фойдаланганда, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчириб қўйилмайди.

 

“Ҳурматли истеъмолчилар, кераксиз, ортиқча электр ускуналардан имкон қадар фойдаланмасликларингизни, электр энергиясини тежашларингизни ва беҳуда ёниб ётган қувватларни ўчириб қўйишларингизни сўраймиз.

 

Ёдда тутинг: агар хонадонингизда электр токи ортиқча юклама билан ўчган бўлса, юкламани камайтирганингиздан сўнг электр таъминоти 10–15 дақиқа орасида автоматик равишда тикланади”, — дейилади хабарда.

 

Вазирликнинг қўшимча қилишича, 15 кВт соат электр энергияси сарфлаш учун бир вақтнинг ўзида бир соат давомида 6 та музлаткич, ўртача 1,5 кВт қувватли 3 та кондиционер ва 3 та электр печи ёниқ туриши керак.

 

3 та телевизор ҳамда 20 та лампочканинг истеъмол ҳажми, нари борса, 1,5-2 кВт соат бўлиши мумкин холос. Шундан келиб чиқиб, 98 фоиз аҳолининг хавотир олишига мутлақо ўрин йўқлиги айтилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//