Барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтади

Сақлаш
09:12 / 13.12.2023 708 0

Ўзбекистонда барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтказилади. Бу ҳақда 12 декабрь куни қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси юзасидан Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

 

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарлик бўйича вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

 

Маълумки, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди. Қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Давлат раҳбари бу ишларни давом эттириб, дастур доирасида режалаштирилган ишларни қисқа муддатларда якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.

 

Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар ҳам муҳокама қилинган.

 

«Президентимиз ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди. Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совиши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчайотгани маълум қилинган», — деб қайд этилган хабарда.

 

Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди. Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди.

 

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. 12 декабрдан бошлаб барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланди.

 

Йиғилишда Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.

 

Шунингдек, жамоат транспортларининг барқарор қатновини таъминлаш, метро ва автобусларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Бекатларда шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

 

Йиғилишда қишга тайёргарлик бўйича ҳукумат комиссияси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси