Илм-фан
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги билан олим ва академиклар, иқтидорли тадқиқотчилар, докторант ҳамда аспирантларни, барча илмий ходимларни табриклади.
«Аввало, сиз, азизларни – заҳматкаш олим ва академиклар, иқтидорли тадқиқотчилар, докторант ҳамда аспирантларни, юртимиздаги барча илмий ходимларни бугунги қутлуғ сана – Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилганининг 80 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Улуғ аллома Маҳмуд Кошғарийнинг «Олимнинг ёстиғи тошдандир», деган сўзларида илм аҳли изланиб, машаққат чекиб бўлсада, доимо одамларга нур улашиб яшайди, деган ҳикмат мужассам эканини сизлар албатта яхши тушунасиз.
Ушбу қутлуғ айёмда 80 йил мобайнида ғоят мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтган Ўзбекистон Фанлар академияси юртимизда юзлаб атоқли олим ва академикларни тарбиялаб, илм-фан соҳалари бўйича нуфузли илмий мактаблар яратишга катта ҳисса қўшганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Сизларни, сизларнинг тимсолингизда мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни бугунги қувончли айём билан яна бир бор чин дилдан табриклайман», дейилади президент табригида.
Қайд этилишича, академия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, унинг таркибида янги илмий ташкилотлар очилиб, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат буджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.
Етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчилар учун имтиёзли асосда квартиралар ажратилди, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминланди.
Академиянинг нуфузли халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлардаги илмий марказлар билан ҳамкорлиги кучайиб, улар билан биргаликда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар кўлами икки-уч баробар кенгайди.
Илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилга қадар 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта ошириш режалаштирган.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ